
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026-йил 2-апрелдаги ПҚ-122-сон қарори ижроси доирасида Нурота туманида сув ресурсларини кўпайтириш ва сув таъминоти барқарорлигини таъминлашга қаратилган ишлар амалга оширилмоқда.
Жумладан, "Жарма" маҳалласи ҳудудидан оқиб ўтувчи «Қуламажарсой» ўзанида сув тиндиргич-инфильтрасия иншооти ва ер ости сувларини тўйинтириш лойиҳасига старт берилди.
Тадбирда Сув хўжалиги вазири ўринбосари Рустам Қаршиев, вилоят ҳокимининг-қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари Санатилла Ҳикматов ҳамда Нурота тумани ҳокими Азамат Файзиев иштирок этди.
Қиймати 3 миллиард 300 миллион сўм бўлган лойиҳа ҳудудда сув таъминоти билан боғлиқ муаммоларни босқичма-босқич ҳал этиш, аҳоли ва фермер хўжаликларига қарашли ер майдонларини барқарор суғориш ҳамда ер ости сувлари сатҳини тиклашга қаратилган.
Лойиҳа доирасида сой сувлари тўпланиб, тиндирилади ва махсус фильтрасия зонаси орқали ер ости сув қатламларига йўналтирилади. Натижада ер ости сув захираларини тўлдириш, қишлоқ хўжалиги ерларини сув билан таъминлаш ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш имкониятлари кенгаяди.
