
Ўзбекистон Республикаси Администрацияси вакили ҳамда Сув хўжалиги вазири ўринбосари Р.Қаршиев Навбаҳор туманида жойлашган "Конимех-1" насос станцияси фаолияти билан яқиндан танишди.
Ташриф давомида насос станциясининг техник ҳолати, насос агрегатларининг ишлаш самарадорлиги, суғориш мавсумида сув етказиб бериш жараёни, электр энергиясидан тежамкор фойдаланиш ҳамда объектда олиб борилаётган эксплуатация ишлари атрофлича кўздан кечирилди.
Шунингдек, мутасаддилар томонидан станция орқали қишлоқ хўжалиги экин майдонларини барқарор сув билан таъминлаш, мавжуд қувватлардан унумли фойдаланиш ва насос ускуналарининг узлуксиз ишлашини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар юзасидан ахборот берилди.
Ўрганиш жараёнида сув хўжалиги объектларида иш самарадорлигини янада ошириш, техник хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш, насос агрегатларининг ишончли фаолиятини таъминлаш ҳамда вегетация мавсумини беталафот ўтказиш бўйича масъулларга тегишли кўрсатма ва топшириқлар берилди.
Таъкидланганидек, ҳар бир насос станциясининг барқарор ва узлуксиз фаолияти минглаб гектар қишлоқ хўжалиги ерларининг сув таъминотини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга. Шу боис, сув хўжалиги объектларида интизом, техник созлик ва масъулиятни янада кучайтириш устувор вазифалардан бири ҳисобланади.
