
Мустақиллигимизнинг 35 йиллиги арафасида юртимиз тараққиёти ва халқимиз фаровонлиги йўлида фидокорона меҳнат қилаётган инсонларни қадрлаш, уларга муносиб эҳтиром кўрсатиш эзгу анъанага айланди.
Кармана туманида бўлиб ўтган ана шундай хайрли тадбирда сув хўжалиги тизимида йил давомида сидқидилдан меҳнат қилиб, қишлоқ хўжалиги экин майдонларига сувни ўз вақтида ва сифатли етказиб беришга муносиб ҳисса қўшаётган фидойи сувчилар эътироф этилди.
Кармана тумани “Сув етказиб бериш хизмати” давлат муассасасининг 60 нафар ходимига байрам совғалари ва озиқ-овқат маҳсулотлари топширилди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазири Шавкат Ҳамроев, вилоят ҳокими ўринбосари С. Ҳикматов, Қуйи Зарафшон ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси бошлиғи Отабек Садинов, Кармана тумани ҳокими Шоҳруҳ Болтаев, нуронийлар ва соҳа ходимлари иштирок этди.
Тадбир давомида Қуръони карим тиловат қилиниб, юртимиз тинчлиги, халқимиз осойишталиги ва фаровон келажаги учун дуолар қилинди.
